Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2022 йил 27 июль куни пахтачиликдаги долзарб вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда бугунги иқлим шароитида ғўзани парваришлаш ва ҳосилдорликни таъминлаш бўйича муҳим тавсия, кўрсатмалар берилиб, уларни барча ҳудудларда амалга ошириш бўйича “Долзарб 30 кунлик” эълон қилинди.

Пахта нархининг ошгани эса меҳнатга яраша рағбатлантиришда қўл келади. Жаҳон бозорида шаклланган нархлар, масъул этиб белгиланган вазирлик ва идоралар таклифларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистонда етиштирилган 1 тонна пахта хом ашёсининг минимал нархлари белгиланди. Яъни, ўрта тола навли пахта хомашёси минимал нархи (ҚҚС билан бирга) 10 минг 25 сўмни, 1 тонна ингичка тола навли пахта хомашёси минимал нархи (ҚҚС билан бирга) 15 минг 120 сўмни ташкил этди. Ўтган йилларда 1 килограмм пахта хом ашёсининг нархи 7 минг 100 сўм бўлган бўлса, жорий йилда 10 минг 25 сўмга ошганлиги фермер хўжаликлари манфаатдорлигини оширади.

Эътиборлиси, тавсия этилаётган минимал нархдан келиб чиққан ҳолда пахта хом ашёсини етиштирувчи ва уни қабул қилувчи субъектлар шартномавий муносабатлар доирасида пахта хом ашёси нархларини ўзаро манфаатли келишув асосида мустақил равишда белгилайди.

“Шамсиддин ҳожи” фермер хўжалигимиз Наманган туманида жойлашган бўлиб, 2021 йилда 38,3 гектар ерда пахта ва 38 гектарда эса ғалла етиштирилган. Ўтган мавсумда пахта етиштириш шартномавий режаси 40 центнер бўлиб, “Тошбулоқ тех” пахтачилик кластерга 44,7 центнердан жами 171,2 тонна пахта топшириб, режани 111,5 фоизга бажардик. Пахта хом ашёсини кластерга сотиш орқали 1 миллиард 200 миллион сўм даромад кўриб, 30 нафар доимий ва 150 нафар мавсумий ишчининг бандлиги таъминланди. Жорий йилда 32,8 гектар майдонда пахта хом ашёси парваришлаяпмиз, шартномавий режамиз 53,6 центнер бўлиб, 176 тонна ҳосил олиш прогноз қилинган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Республикамизда етиштирилаётган ўрта тола навли пахта хом ашёсини ўтган йилга қараганда 3 минг сўмга ошириб берилгани энг аввало, давлатимиз раҳбарининг фермерлик ҳаракатини кенг қулоч ёйиш, фермерлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш йўлидаги катта ғамхўрлиги бўлди. Шу ўринда, бу борадаги таклифларни раҳбариятга киритишда бош-қош бўлган Ўзбекистон фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашини чинакамига, фермерларнинг яқин кўмакчисига айланганини эътироф этиш жоиз.

Бундай ижобий янгилик ва қулайликлар энг аввало, биз фермерлар учун етиштирилаётган пахта хом ашёсининг нархи ошганлиги орқали олинадиган даромадлардан нафақат фермернинг ўзи, балки уларнинг аъзоларига ҳам манфаатдор, кўриладиган қўшимча даромаддан моддий техника базани янгилаш, сифатли уруғлар сотиб олиш, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қўшимча ўғит бериш, ер бонитетини мунтазам ошириб бориш ва ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга катта имкон беради.

Аъзамжон Баҳриддинов,

Наманган вилояти Наманган туманидаги 

“Шамсиддин ҳожи” фермер хўжалиги  раҳбари.

ЎзА

манба: https://uza.uz/posts/397909